2016 йилнинг сентябрь ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бугун, 13 апрель санасида Польша ўсмирлар терма жамоасига қарши Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.

Ўйин Темур Олимхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон U16 терма жамоаси устунлигида ўтди. Бирични бўлимда ўзбекистонликлар гол уриш учун бир неча қулай вазиятларга эга бўлди. Шундай хавфли ҳужумларнинг бири 12-дақиқада амалга оширилди. Остон Ўрунов узоқ масофага аниқ тўп узатишини амалга оширди ва Асад Собиржоновни тўп билан таъминлади. У қанотдан кириб бориб, жарима майдони ичидаги Иброҳим Ғанихоновга тўпни узатди. Иброҳим аниқ зарба йўллаб, ҳисобни очди.

Биринчи бўлим ўрталарига келиб, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ярим ҳимоячиси Баҳром Соатов иккинчи сариқ карточка олиб, майдондан четлатилди.

Иккинчи бўлимда Польша ўсмирлар терма жамоаси ҳужумда анча фаол ҳаракат қила бошлади. Ҳужумлардан бирида жарима майдони ичида ўзбекистонлик ҳимоячи қўполлик ишлатди деб топилиб, Жасурбек Умрзоқов қўриқлаган дарвоза томон пенальти белгиланди. 11 метрлик жарима зарбасини Матуеш Прасзеник аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётган бир паллада, Польша ўзининг сўнгги ҳужумини ташкил этди ва уни муваффақиятли якунлай олди. Голга Бартломей Кукулович муаллифлик қилди.

Ўзбекистон U16 - Польша U16 - 1:2

Голлар: Иброҳим Ғанихонов (12) - Матуеш Прасзеник (74 - пен.), Бартломей Кукулович (90+4).

Ўзбекистон U16: Жасурбек Умрзоқов, Ихтиёр Холдоров, Абубакир Мўйдинов, Остон Ўрунов, Баҳром Соатов, Расул Йўлдошев, Асадбек Собиржонов, Иброҳим Ғанихонов, Ислом Каримов, Шуҳрат Неъматов.
Захира: Абдувоҳид Неъматов, Муҳаммадали Номозов, Шоҳзамон Хайруллаев, Ғайрат Азизхўжаев, Абдуғани Камолов, Абдунозир Абдураҳмонов, Дониёр Абдуманнонов, Оҳун Сайфуддинов, Абдуқодир Парпиев, Ҳумоюн Абдусатторов.

Польша U16: Бартош Мрозек, Марцин Грабовски, Симон Залевски, Каспер Ласкош, Матеуш Скрзипчак, Тимотеуш Клюпш, Прземишлав Баргиел, Каспер Велниак, Михал Скораш, Блазей Старзиски, Себастьян Валукиевич.

Захира: Павел Сокол, Матуеш Прасзеник, Каспер Табис, Жавиб Кивор, Марсел Стефанек, Хуберт Собол, Бартломей Кукулович.