Ўзбекистонда мева-сабзавот давлат буюртмаси бўйича харид қилинади

Ўзбекистон 13 Апрель 2016 3014

2016 йилги ҳосилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этилади. Бу Ўзбекистон президентининг 12 апрелдаги «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда кўзда тутилган. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан барқарор таъминлаш, ички истеъмол бозорини қиш-баҳор мавсумида барқарор таъминлаш мақсадида захирага ғамлаш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир бўлган ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ушбу маҳсулотларга нисбатан талабдан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Давлат буюртмаси доирасида маҳсулотларни саноат асосида қайта ишлаш учун харид қилиш фермер ва деҳқон хўжаликлари ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган контрактация шартномалари асосида шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак бериш орқали амалга оширилади.
Қарорда белгиланганки, ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум фермер ва деҳқон хўжаликларидан келишилган, бозор нархларида харид қилинади.

Ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри тузилган экспорт шартномалари, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган комиссия шартномалари бўйича экспорт қилинади.

Шу йилнинг май ойида етакчи хорижий ишлаб чиқариш компаниялари ва уларнинг дилерлари иштирокида ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш бўйича замонавий юқори технологияли ускуналар ҳамда технологияларнинг ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ташкил қилиш режалаштирилган.

Июнь ойида эса Тошкент шаҳрида 2016 йилги ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш учун Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилади. Бундай ярмаркаларни ўтказиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган майдон ташкил этилиб, унинг базасида ҳар йили октябрда келгуси йил учун экспорт шартномалари тузишни ташкил қилиш мақсадида хорижий компанияларнинг фаол иштирокида ярмарка тадбирлари ўтказилади.

Президент қарори билан мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, 2019 йилнинг 1 январигача замонавий ускуна ва технологиялар олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилди.

Худди шу санагача «Ўзбекозиқовқатхолдинг» таркибига кирадиган қайта ишлаш корхоналари ягона ижтимоий тўловдан ташқари даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар ягона солиқ, давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди.

Тижорат банкларига фермер ва деҳқон хўжаликларига мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш учун давлат буюртмаси бўйича бўнак ва якуний ҳисоб-китоблар учун Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ставкада кредит ресурслари ажратиш тавсия этилди.

Кўпроқ янгиликлар