Россия президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия банкига федерал бошқармалар раҳбарлари учун KPI (Key Performance Indicators) – самарадорликни баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Бу ҳақда иқтисодий масалалар бўйича ўтказилган йиғилиш натижалари бўйича белгиланган вазифалар рўйхатида айтилган. Бу рўйхат Кремль сайтида чоп этилди.

"Россия ҳукуматига Россия банки билан бирга Россия Федерацияси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг 2017 йил учун мақсадли ҳамда 2018 ва 2019 йиллар учун режавий сценарийсини яратишда иқтисодий ўсиш омилларининг иқтисодий сиёсатни амалга ошириш чоралари ва бюджет чекловлари билан боғлаган ҳолда асосланишига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда айтилган мақсадли сценарий кўрсаткичларига мос келувчи ижрочи ҳокимият федерал органлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлиги асосий кўрсаткичларини аниқлаш бўйича таклифларни тақдим қилиш вазифаси юкланди", дейилмоқда ҳужжатда.

Аввалроқ Россияда структуравий ислоҳотларга фақатгина Путин старт бера олиши маълум қилинганди. Президент, шунингдек, амалдорлар учун KPI киритилишини маъқуллади.