Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Сооронбай Жээнбековни республика ҳукуматига раҳбар сифатида тайинлаш ҳақидаги фармонини имзолади. Бу фармонда янги ҳукуматдаги вазирлар тайинлови ҳам келтирилган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги ҳукумат матбуот хизматига асосланиб хабар тарқатган.

"Президент олдинги бош вазир ва унинг ҳукумати истеъфоси ҳақидаги фармонини ҳам имзолаган", дейилади хабарда.

Шу тариқа, чоршанба кунидан ҳукуматнинг янги таркиби расман иш бошлади. Ҳукумат таркиби (собиқ бош вазир Темир Сариев бундан истисно - таҳририят) ўзгармаган, аввалги вазирлар ўз лавозимларида қолишган.

Қирғизистон Республикаси Ҳукумати таркиби:

- Бош вазир – Сооронбай Жээнбеков;
- Бош вазир биринчи ўринбосари – Мухамметкалий Абулгазиев;
- Бош вазир ўринбосари – Олег Панкратов;
- Бош вазир ўринбосари – Гульмира Кудайбердиева;
- Ҳукумат аппарати раҳбари – вазир – Акилбек Осмоналиев;
- Ташқи ишлар вазири – Эрлан Абдилдаев;
- Ички ишлар вазири – Мелис Турганбаев;
- Адлия вазири – Жилдыз Мамбеталиева;
- Молия вазири – Адилбек Касималиев;
- Иқтисодиёт вазири – Арзибек Кожошев;
- Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири – Турдуназир Бекбоев;
- Транспорт ва коммуникация вазири – Замирбек Айдаров;
- Фавқулодда ҳолатлар вазири – Кубатбек Боронов;
- Таълим ва фан вазири – Эльвира Сариева;
- Соғлиқни сақлаш вазири – Талантбек Батыралиев;
- Маданият, ахборот ва туризм вазири – Алтинбек Максутов;
- Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири – Кудайберген Базарбаев;
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Мудофаа ишлари давлат қўмитаси Қирғизистон республикаси президенти номенклатураси ҳисобланади.

11 апрель куни собиқ бош вазир Темир Сариев коррупция можароси фонида истеъфога чиққани маълум қилинганди.

12 апрелда Қирғизистон парламентида унинг ўрнига Сооранбай Жээнбеков номзоди кўриб чиқилди ва 13 апрелнинг биринчи ярмида парламент уни ҳукумат раҳбарлигига номзод сифатида тасдиқлади.

Маълумот учун, Сооранбай Жээнбеков 1958 йилда Ўш вилоятида туғилган. У 2016 йилнинг 23 мартидан буён президент девони раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.