Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари бўлган мамлакатларни халқаро терроризмга қарши биргаликда курашишга чақирди. У Туркияда ўтаётган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XIII Саммитида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги хабар тарқатган.

"ИҲТ мамлакатлари биринчи навбатда мусулмон дунёсига хавф солаётган халқаро терроризм муаммосига қарши кураш учун бирлашиши керак. Қирғизистон мусулмон мамлакатлар етакчиларини халқаро миқёсдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун тинч йўл билан олиб бораётган ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди", деган Абдилдаев.

Қирғизистон ТИВ раҳбари шунингдек, мусулмон мамлакатларидаги бизнесменларни ўз мамлакати билан ҳамкорлик қилишга чақирган. Абдилдаев Қирғизистонда бизнес юритиш учун жозибали шароитлар муҳайё этилганини таъкидлаган.

Бундан олдинроқ, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев саммитда иштирок этиш учун Истанбулга етиб келгани маълум қилинганди.