Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада кучайтириш, Республика Маънавият тарғибот марказининг минтақавий-ҳудудий бўлимлари яъни, 194та туман-шаҳар бўлими раҳбарлари малакасини ошириш мақсадида Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан 2 босқичли республика ўқув-семинари ташкил этилди.

Ўқув-семинарнинг 1-босқичи жорий йилнинг 28 мартидан 1 апрель кунигача бўлиб ўтган. Ўқув семинар Республика Маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги “Маънавият таргиботчиси” ўқув марказида бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида инсон шахсини юксалтириш, одамларнинг дунёқарашини, маънавий дунёсини бойитиш борасида мамлакат президенти томонидан улкан ташкилотчилик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Таълим тизими, жамиятнинг маънавий-маданий ҳаёти тубдан ислоҳ қилинди. Аждодларнинг бебаҳо маънавий хазинаси яна халқ учун ўз эшикларини очди. Она тили, иймон-эътиқод, миллий қадриятлар, урф-одатлар, Наврўз каби байрамлар халққа қайтарилди. Ватан тарихи, она тили, адабиёт, санъат, маданият қайтадан кашф этилди.

Республика Маънавият тарғибот марказининг бу йил 22 ёшга тўлиши ҳам жамият маънавий ҳаётини ислоҳ этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасидир. Республика Маънавият тарғибот маркази ва унинг минтақавий-ҳудудий бўлимларининг маданий меросни, аждодларнинг буюк номларини, фаолиятини, мамлакат ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини тарғиб этиш орқали халқ тарихий хотирасини тиклаш, асл бунёдкор ғояларни тарғиб этиш, бузғунчи, сиёсий ва диний экстремистик ғояларга зарба бериш, уларнинг ғаразли мақсадларини фош этиш, халқни, айниқса ёш авлодни миллий истиқлол ғоясига содиқлик руҳида тарбиялаш борасидаги хизматлари беқиёсдир.

Мазкур ўқув-семинарни ташкил қилишдан мақсад миллий ғоя тарғиботи ва маънавий маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жойларда тизимли ишни ташкил этиш, олиб борилаётган ва ташкил этилаётган маънавий-маърифий ишларни жонлантириш, маънавий тарбиянинг долзарб муаммолари юзасидан фикр алмашиш, ўқув-тарбиявий ва амалий тарғибий ишларни янада такомиллаштиришдир.

Семинарда муҳокама қилинган масалалар долзарб, илмий, илмий-услубий ва амалий жиҳатдан жуда фойдали. Ахборот асрида халқаро маданий яқинлашув шунчалик кучайиб кетдики, уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак, шаҳарларда турмуш маданияти жаҳон бўйича бирхиллашиб бормоқда. Нафақат истеъмол буюмлари, шунингдек, кўриладиган киносериаллар, телекўрсатувлар, тингланадиган мусиқий ва эстрада асарлари, кўнгилочар электрон ўйинлар ва жуда кўп бошқа маданий машғулотлар ҳам бирхиллашиб бормоқда. Бундай муҳитда миллий ўзликни, миллий хусусиятларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш кўплаб қийинчиликларга, муаммоларга дуч келмоқда. Шу сабабдан ҳам семинарда жамият тараққиётининг маънавий юксалиши билан боғлиқ бўлган масалалар ўрганилди.

Семинарда Ўзбекистонда ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни вояга етказишнинг ўзига хос, услуб, мезон ва воситалари яратилгани, бунда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг илмий-амалий воситалари алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди. Бугун комил инсон деганда ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан етук шахс тушунилади. Бу борада Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда унинг минтақавий-ҳудудий бўлимлари томонидан кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Семинар сўнгида иштирокчилар сертификат билан тақдирланишди.