Шайхонтоҳур туман ИИБ ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш бўлими вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси гуруҳи инспектори Шаҳзод Исроилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “Azizbek Pay Mobile” хусусий корхонасига қарашли компьютер хизматлари кўрсатиш тармоғига текшириш учун кириб, ушбу компьютер ўйингоҳидаги компьютерлардан бирида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан тақиқланган кино маҳсулотлари мавжудлигини рўкач қилиб, нархи 4 млн. 250 минг сўм бўлган процессорни ҳеч қандай ҳужжатларни расмийлаштирмасдан олиб кетади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар бермоқда.

Олиб кетилган компьютер процессори юзасидан ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмаган ва унга тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмаган бўлсада, процессор хотирасидаги кино маҳсулотларини экспертезадан ўтказиб, хулоса натижалари билан корхона вакили Мурод Миролимовни қўрқитиш мақсадида ўз ваколат доирасидан четга чиқади. Яъни у Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига хат тайёрлаб, туман ИИБдаги “Чиқиш ҳужжатларини ҳисобга олиш журнали”дан рўйхатдан ўтказиб, процессорни экспертизага топширади. Компьютер хотирасидаги “Блейд” ва “Сумерки” номли хорижий кинофильмлар шафқатсизлик, зўравонлик, ва ваҳшийликни тарғиб қилгани боис, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги эксперт баҳолаш комиссияси томонидан “Республика ҳудудида намойиш этиш, ижарага бериш, кўпайтириш ва сотишга тавсия этиб бўлмайди, деб топилган фильмлар рўйхати”га киритилгани ҳақида экспертиза хулосасини олади.

Шундан сўнг у М.Миролимовни чақириб, экспертиза хулосаси билан таништиради. Унга нисбатан МЖтКнинг 1891-моддаси билан маъмурий жавобгарлик ҳақида иш қўзғатилишини, ишни судга юбориб, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солиниши ҳамда “Azizbek Pay Mobile” хусусий корхонасига тегишли барча мол-мулклар давлат фойдасига мусодара этилишини таъминлаш билан қўрқитади. Ушбу чораларни кўрмаслик эвазига эса ундан 1500 АҚШ доллари беришини талаб этади. Орадан уч кун ўтиб Ш.Исроилов ундан қонуний чора кўрмаслик ва компьютер процессорини қайтариб бериш эвазига 1000 АҚШ долларини олаётганида қўлга олинди.

Суд судланувчи Ш.Исроиловга 5 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.