Тошкент вилоятида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асосларига бағишланган семинар ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Семинарда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим омили бўлган сайлов институтининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги бир-бирини тўлдирувчи, мустаҳкамловчи қонунлар бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Май-июнь ойларида ўтказиладиган сайловда вилоятимизда 1 минг 158 фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 11 мингдан ортиқ маслаҳатчиси сайланади, – дейди фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Тошкент вилояти комиссияси раисининг ўринбосари Исломжон Эргашхўжаев. – Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови муқобиллик, ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида ўтказилиши қонунларимизда белгилаб қўйилган.

Семинарда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар олдида турган вазифалар хусусида фикр алмашилди.