13 апрелда Чемпионлар Лигаси чорак финалининг "Атлетико" ва "Барселона" ўртасидаги жавоб учрашувидан кейин "Барса" ҳимоячиси Жерар Пике мадридликлар бош мураббийи Диего Симеоне билан гап талашиб қолди. Эслатиб ўтамиз, учрашув "матрасчилар"нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Икки учрашув натижасига кўра "Атлетико" мусобақанинг яримфиналига йўл олди.

Тортишув трибунаости туннелида юз берган ва узоқ давом этмаган. Пике учрашув ҳаками Никола Риццолининг қароридан норози бўлган: ҳакам "Атлетико" ярим ҳимоячиси Габи Фернандес ўз жарима майдончасида қўли билан ўйнагандан кейин пенальти ўрнига жарима тўпи белгилаган. "Барса" ҳимоячиси Симеоне билан ҳакамнинг ишини муҳокама қилиш керак, деб ҳисоблаган.

Аргентиналик мураббий бунга жавобан "Барса" ярим ҳимоячиси Андрес Иньеста ҳам ўз жарима майдончасида қўли билан ўйнагани учун қизил карточка олиши кераклигини айтган. Симеоне, шунингдек, Луис Суарес тирсаги билан "матрасчилар" ҳимоячиси Диего Годиннинг бошига туширганини ҳам эслаб ўтди. Журналистларнинг айтишича, Пике Симеоненинг бу важларига баланд овозда "Кўрсат қани, кўрсат" деб айтган.