Брюсселдаги терактлардан кейин Бельгия томонидан билдирилган, умумевропа МРБ (Марказий разведкаси бошқармаси) ёки ФҚБ (Федерал қидирувлар бюроси)ни яратиш ғоясини ҳозирча амалга ошириб бўлмайди. Буни Бельгия ички ишлар вазири Ян Ямбон Le Figaro француз газетасида чоп этилган интервьюда тан олди.

"Бир қатор давлатлар, йирик давлатлар ҳам бу ғоянинг амалга оширилишига қарши чиқдилар. Биз албатта бу ҳақда мукаммал нарсадек орзу қилишимиз мумкин, бироқ бунинг амалга ошишини кутмаса бўлади. Шунинг учун бор имкониятимиз билан ҳаракат қилишимизга тўғри келади. Ғоянинг ўзи муносиб ҳисобланади, бироқ айни вақтда нореалдир. Ва бу Европа олдинга жуда суст суръатлар билан боришни давом эттираётганидан дарак беради", деб айтди Ямбон.

Ямбон шу билан бирга "терактлар содир бўлаётган пайтда фикрлар, кайфиятлар тез ўзгаришини" таъкидлаб ўтди.

Ямбон, шунингдек, "айни вақтда Бельгия ва Европанинг кўплаб давлатлари учун террорчиларнинг аҳоли томонидан қўллаб-қувватланишини камайтириш масаласи долзарброқ бўлиб қолганини" тан олди. "Биз террорчилар билан бевосита боғлиқ бўлган муаммоларнинг ечимини топишимиз мумкин, бироқ жамиятнинг бир қисми томонидан жангариларни ҳам, ИШИД тарғиб қилаётган ғояларнинг ҳам қўллаб-қувватланаётгани масаласини ҳал қилиш анча қийинроқ, чунки бу муаммо чуқурроқдир. Бу ҳолатнинг олдини олувчи чоралар керак, одамларга уларнинг турмушлари учун улар фойдалана оладиган истиқболлар яратиш зарур", деб айтди вазир.

Ямбон Бельгиядан Францияга террорчи Салоҳ Абдисаломнинг экстрадиция қилиниши ҳақида тўхталиб, "унинг Францияга етказилиши тегишли хавфсизлик чоралари билан амалга оширилишини" маълум қилди. "Бунда ОАВ барча телеканаллар бўйича жонли репортажлар олиб бориши ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмас", деб таъкидлаб ўтди Ямбон.