13 апрелда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулга Ислом ҳамкорлиги ташкилоти саммитига келган Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ал-Саудни шахсан ўзи кутиб олди. Эътиборли жиҳати, Туркия етакчиси қиролни "Тоска по родине" (Ватан соғинчи) деб номланган рус марши садолари остида кутиб олди: ҳарбий оркестр номаълум сабабларга кўра юқори мартабали меҳмоннинг шарафига айнан шу мусиқани ижро этган.

Ушбу ҳолат тасвирланган видеода марш Эрдўғаннинг ўз қароргоҳидан қирол кортежигача бутун йўли давомида янграганининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Етакчиларнинг учрашуви барча марказий турк телеканаллари орқали намойиш қилинган.

Бу мусиқий композиция 1906 йилда ёзилган бўлиб, одатда Биринчи жаҳон уруши қаҳрамонлари шарафига ижро этилади: бу уруш вақтида Россия ва Усмон империяси фронтнинг турли томонларида туриб курашган.