Профессионал бокснинг ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпиони, (WBA (Super), IBO, WBC (Interim) ва IBF камарлари соҳиби) профессионал рингдаги фаолияти давомида мағлубиятга учрамай келаётган қозоғистонлик 34 ёшли боксчи Геннадий Головкин (34 жанг, 34 ғалаба, шундан 31таси нокаут билан) Nike Air Jordan бренди билан шартнома имзолади.

Бунгача ушбу бренд билан фақат Рой Жонс ва Андре Уорд битим тузганди.

Келишувга кўра, Головкин Доминик Уэйдга қарши 23 апрель куни Лос-Анжелесда ўтказиладиган жангда ушбу бренд тасвири туширилган шортик ва қўлқопда ҳаракат қилади.

"Биз GGG (Геннадий Головкин Геннадиевич) билан келишувга эришганимиздан хурсандмиз. Унинг касбий этикаси ва услуби ҳамда ишга масъулият билан ёндашиши унга омад келтиради", дейди компания президенти Ларри Миллер.

Спортчининг ўзи ҳам бу ҳамкорликдан мамнунлигини билдирган.

Бундан олдинроқ, Головкин Apple маҳсулотларини реклама қилишни бошлаганди.