Қашқадарёда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари мавзусида семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган сайловда вилоят бўйича 660 нафар раис ва уларнинг 6 мингдан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилган.

— Маҳалламизнинг беш фаолидан иборат ишчи гуруҳи тузилди, – дейди Қарши шаҳридаги «Дарвозатутак» маҳалла фуқаролар йиғинининг ишчи гуруҳи раиси Обиджон Эшонқулов. – Ўтган сайловдан сўнг маҳаллаларда эришилган муваффақиятлар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчиларининг ишчанлик, ташаббускорлик фазилатлари нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканини яққол тасдиқлади. Гуруҳ аъзолари номзодлар бўйича таклифлар тайёрлашга қонунда белгиланган талаблар асосида ёндашмоқда. Ушбу муҳим жараёнга хотин-қизлар, ёшларни кенг жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.