2015 йилда Хитойнинг АҚШга киритаётган сармоялари икки мартага ошиб, 30 миллиард долларгача етиши мумкин. The Wall Street Journal газетаси, Rhodium Group тадқиқот компанияси ва Америка-Хитой алоқаларини ривожлантириш бўйича АҚШ миллий қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда шу ҳақда хабар қилмоқда.

2015 йили ушбу кўрсаткич 15 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2014 йилда хитойликлар Америкага 11,9 млрд доллар сармоя олиб киришган.

"Бироқ, йил бошида эришилган барча келишувлар амалга ошган тақдирдагина, янги рекорд кўрсаткични қайд этиш мумкин бўлади", деб ёзади газета.

Эскпертларнинг таъкидлашларича, киритилаётган инвестициялар суръати секинлаша бошлаган. Буни Хитой тадбиркорларининг Америка активларини харид қилишга салбий ёндашуви сабаб бўлмоқда.

Гап шундаки, аксарият сармоялар компанияларни харид қилиш, ўз таркибига қўшиб олиш режасида амалга оширилади. АҚШдаги сайловолди кампанияси авжига чиқаётган бир паллада, бу каби кўплаб лойиҳалар сиёсатчиларнинг эътиборини тортмоқда, сайловчилар эса, Американинг Хитой, Япония ва Мексика каби давлатлар билан иқтисодий ҳамда савдо алоқаларига ишончсизлик билан қарамоқда.

Хитой дунёнинг иккинчи иқтисодиёти ҳисоблансада, унинг АҚШга киритаётган сармояси унчалик ҳам катта эмас. Ўтган йили Хитойнинг хорижий давлатларга киритган сармояси 120 млрд долларни ташкил этгани ҳолда, унинг атиги саккиздан бир қисми Америка ҳиссасига тўғри келади.

"Шунга қарамай, сармоялар ҳажми тез суръатларда ошиб бормоқда. Буни, ХХРнинг ўз иқтисодиётини янги технологиялар билан қайта жиҳозлаш, хизмат кўрсатиш ва истеъмол харажатларини кўпайтиришга уриниши билан изоҳлаш мумкин", дейилади газета хабарида.

"Хитой тадбиркорлари ўз технологияларини янгилаш, янги иқтисодий брендлар ташкил этиш учун жиддий чоралар кўрмоқда. Айни вақтда, Хитой сармоялари йўналишида ўзгаришлар кузатилмоқда. Эндиликда, улар ривожланаётган давлатлардан АҚШ, Европа ва Австралия каби юқори даромадли минтақаларга кўчмоқда", дейди Rhodium Group иқтисодий эксперти Тило Ханеманн.