Пентагон душманнинг баллистик ракеталарини йўқ қилишга қодир лазер яратиш устида ишларни давом эттирмоқда ва 5 йилдан кейин янги қуролнинг синовини ўтказмоқчи.

АҚШ конгрессидаги йиғилишда АҚШ мудофаа вазирлигининг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа агентлиги директори вице-адмирал Жеймс Сиринг Пентагон "барча саъй-ҳаракатларини самаралироқ ва енгилроқ лазерни яратишга мужассамлаштирганини" маълум қилган. У гап "нисбатан камроқ қувватга эга бўлган" қурилма ҳақида кетаётганини айтган.

"Биз жанговар лазернинг якуний намойишини 2021 йилгача ўтказмоқчимиз", деб айтди вице-адмирал.

Вице-адмирал Пентагон янги қуролни яратиш учун 278 млн доллар олишни мўлжаллаётганини қўшимча қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

АҚШ мудофаа вазирлиги бундай қурилмалар яратиш билан бир неча йиллардан бери шуғулланиб келади. Аввалроқ америкаликлар "лазер пушкасини" модернизацияланган Boeing 747-400F самолёти тумшуғида ўрнатишни режалаштиришган. Ушбу лойиҳа 5 млрд долларга яқин турган ва 2011 йилда тўхтатиб қўйилган.