Россия давлат раҳбари Владимир Путин россияликлар билан ўтказаётган «бевосита мулоқот»и вақтида офшор можароларини келтириб чиқарган «Панама ҳужжатлари»нинг ошкор қилинишига оид фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу иш юзасидан суриштирув ишларини олиб борганлар орасида Америка расмий идоралари ходимлари ҳам бор.

Путиннинг айтишича, ушбу ҳужжатларни биринчилардан бўлиб ўз сонида эълон қилган Германиянинг Süddeutsche Zeitung газетаси эса, Америка компаниясига қарашли медиа холдинги таркибига киради.

Путиннинг таъкидлашича, ушбу вазиятда буюртмачилар кимлиги яққол кўриниб турса-да, уларнинг уятдан юзлари қизармаслиги ҳам кундек равшан.

Россия раҳбари, шунингдек, «биз билан ўзаро ҳурмат тамойили асосида мулоқот қилишса, биз барча томонни қаноатлантирувчи хулосани топа олардик», дея баёнот берган.