Швеция прокуратураси WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг қўлга олиниши бўйича қарашини ўзгартиргани йўқ. Рейтер агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Стокгольм округ судига юборилган расмий жавоб мактубида сўз юритилган.

Февраль ойи охирида WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж адвокатлари, уни ҳибсга олиш тўғрисида берилган ордерни бекор қилишни сўраб Швеция судига мурожаат қилишганди. Адвокатларнинг сўзларига кўра, мазкур қарорни қайта кўриб чиқишга асос бўладиган янги ҳолатлар пайдо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ассанж 2012 йил июнидан буён Эквадорнинг Лондондаги элчихонасига яшириниб келмоқда. У Швецияга экстрадиция қилинишига қарши чора сифатида шундай йўл тутган. Ассанж 2010 йилда содир этилган зўрлаш билан боғлиқ жиноят бўйича тергов жараёнида гумондор сифатида қатнашиши лозим эди. WikiLeaks асосчиси ўзига нисбатан илгари сурилаётган барча айбловларни инкор этиб келмоқда.