Россиянинг учта телеканали – "Ретро", "Киноклуб" ва RTG TV каналлари Украинада тақиқлаб қўйилди. Бундай қарор Украинанинг телевидение ва радиоэшиттирув масалалари бўйича Миллий кенгашида қабул қилинди, деб хабар берди FlashCrimea нашри.

"Россиянинг RTG TV (Russian Travel Guide), "Ретро" ва "Киноклуб" телеканаллари Миллий кенгаш қарори билан 14 апрелда мазмуни Европанинг трансчегаравий телевидение ҳақидаги конвенцияси ва Украина қонунчилиги талабларига жавоб берувчи хорижий дастурлар рўйхатидан чиқарилди", дейилди Миллий кенгаш матбуот хизматида.

Таъкидланишича, "Ретро" ва "Киноклуб" телеканалларида Украинанинг миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи кишилар, жумладан Сергей Безруков, Жерар Депардье, Михаил Боярский, Фёдор Бондарчук иштирокидаги фильмлар намойиш қилингани қайд қилинган.