Хитойда вакциналарни ноқонуний сотиш можаросига алоқадор 350 дан ортиқ амалдор жазоланади

Жаҳон 14 Апрель 2016 410

Хитой Давлат кенгаши вакциналарни ноқонуний сотиш можаросига алоқадор 357 амалдорни жазолайди. Марказий Хитой телевидениесининг маълум қилишича, бу ҳақдаги қарор 13 апрелда қабул қилинган.

Амалдорлар ўз лавозимидан четлатилади ёки лавозими пасайтирилади. "Вакциналар ҳақидаги иш кўплаб ҳудудларни қамраб олди ва сифатнинг тегишлича назорат қилинмаслиги, дори воситалари ноқонуний айланмаси ҳолатларини аниқлаш ва қоидабузарларни жазолаш бўйича суст иш, амалдорларнинг ҳаракатсизлиги ва хатарларни бошқаришнинг ривожланмаган механизми каби сезиларли муаммолар борлигини кўрсатди", дейилмоқда Давлат кенгаши баёнотида.

Муддати ўтиб кетган ёки нотўғри сақланган вакциналарни ноқонуний сотиш билан боғлиқ вазият Хитойда кенг жамоатчилик резонансини келтириб чиқарди. Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган тергов доирасида 192 та жиноий иш қўзғатилди, 202 киши ушланди. Бу ишда бош фигурантлар Шаньдун вилояти фармацевтлари бўлди. Улар воситачилар ёрдамида Хитойнинг 20 дан ортиқ вилоятида вакциналарни ноқонуний сотиш каналларини йўлга қўйишга муваффақ бўлган. Ҳукумат маълумотларига кўра, ноқонуний савдо 2011 йилдан бери олиб борилган. Полиция сотилган вакциналарнинг умумий қийматини 310 млн юанга (47,6 млн долларга) баҳолаган. Вакциналарнинг 20 мингдан ортиқ дозаси мусодара қилинган.

Хитой Давлат кенгаши ушбу ҳолатни тергов қилиш бўйича Озиқ-овқат ва дори воситаларини назорат қилиш бўйича давлат бошқаруви раҳбари Би Цзинцюан бошчилигида бошқармалараро гуруҳни ташкил қилган.

Кўпроқ янгиликлар