Япония ўз ядро қуролига эга бўлиши лозим, деган қарашни фаол тарғиб қилувчи сиёсатчи Токио прокуратураси томонидан қамоққа олинди. Мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари штаби собиқ раҳбари, генерал Тосио Томогами сайлов қонунчилигини бузганликда гумон қилинмоқда.

Терговчиларнинг фикрича, у 2014 йили пойтахт префектураси губернатори сайловларида ўз жамоаси аъзоларига пул тўлашга кўрсатма берган. Айни шу тўловлар мамлакат қонунчилигида тақиқланган. Ўшанда Томогами Токио губернаторлиги учун курашда мағлуб бўлган эди.

67 ёшли собиқ юқори лавозимли ҳарбий, ўзининг ўнг кайфиятдаги радикал қарашлари билан яхши маълум. У иккинчи жаҳон уруши даврида япон армиясининг қотилликларини, хусусан Хитойнинг Нанкин шаҳрида амалга оширилган қатлиомни очиқчасига инкор этади.

Генерал шунингдек, 1941 йилда Япония Вашингтон фитнасига учиб, урушни бошлашга мажбур бўлган, деган даъвони илгари суради. Мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари штаби раҳбари бўлган вақтида ҳам Япония ўз ядро қуролига эга бўлиши лозим, дея таъкидлаб келган.

Истеъфога чиққанидан сўнг, сиёсат билан шуғулланиб, турли ватанпарварлик кайфиятидаги ташкилотларга раҳбарлик қилди ёки уларнинг фаол аъзоси бўлди. Ҳозирда, генерал сайлов қонунчилигини бузганлиги тўғрисидаги айбловларни рад этмоқда.