«Атлетико» жамоаси спорт ишлари директори Хосе Луис Каминеро ЕЧЛнинг ярим финали учун ташланган қуръадан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди. Қуръага кўра, мадридликлар жамоаси «Бавария» билан финал йўлланмаси учун курашади.

«Биз еврокубоклар тарихидаги энг совриндор жамоалардан бирига қарши ўйнашимиз керак бўлади. Кейинги йилларда «Бавария» доимий равишда ЕЧЛнинг ярим финалига чиқиб келишган. Бизни жиддий тўқнашув кутмоқда. Лекин энг юқорига чиқишни истар эканмиз, энг кучлиларни енгиб ўтишимиз талаб этилади.

Гвардиола Испания футболини яхши билади. Қолаверса, унинг жамоасида испаниялик футболчилар ҳам бор – Хави Мартинес, Хаби Алонсо, Бернат, Тиаго Алькантара – биз ҳам уларни жуда яхши биламиз.

«Бавария»да мукаммал таркиб йиғилган, ҳар бир футболчи индивидуал маҳоратга эга. Жуда қийин бўлади, лекин биз ҳамиша бўлгани каби жанг қиламиз», – деган Каминеро.

Қуръадан олдинроқ «Атлетико» жамоаси президенти Энрике Сересо ўз интервьюсида «Бавария» жамоасига рақиб бўлишни кутаётгани ҳақида айтганди. Лекин амалда бу жамоалар ярим финалда ўзаро баҳс олиб боришадиган бўлди.

«Мен истайманки, бу босқичда «Бавария»га қарши ўйнашни. Мен 42 йил олдинги мағлубият учун ўч олинишини истайман (1974 йилда Чемпионлар Кубоги финалида «Бавария» ва «Атлетико» 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашган, иккинчи учрашувда эса мюнхенликлар мадридликларни 4:0 ҳисобида тор-мор қилган – таҳририят)», деганди Сересо.