Европа чемпионлар лигаси 1/2 финалига қуръа ташлаш маросими бугун Тошкент вақти билан соат 14:30да Швейцариянинг Ньон шаҳрида бошланади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада ғолиб чиқиш учун "Атлетико", "Реал", "Бавария" ва "Манчестер "Сити" клублари курашни давом эттирмоқда. Ўтган йилги мавсумда ҳам "Реал" ва "Бавария" турнир яримфиналида иштирок этишган, лекин "Ювентус" ва "Барселона" жамоаларидан енгилишганди.

"Атлетико" охирги марта ЕЧЛ яримфиналида 2014 йилда иштирок этган, ўшанда жамоа "Челси"ни енгиб финалга чиққан ва Мадриднинг бошқа бир жамоаси "Реал"га ўйинг қўшиб берилган дақиқаларда ўтказиб юборилган гол туфайли мағлуб бўлганди.

"Манчестер Сити" эса ўз тарихида илк марта турнирнинг бу босқичига етиб келди.

Яримфинал жуфтликлари "кўр қуръа" асосида аниқланади. Бунда Испания клублари бир-бирларига дуч келиб қолиши мумкин. Шунингдек, Хосеп Гвардиоланинг ҳозирги ("Бавария") ва бўлғуси ("Манчестер Сити") жамоалари яримфиналда учрашишлари мумкин.

Қайси яримфинал ғолиби финалда расмий мезбон бўлиши ҳам қуръа йўли билан аниқланади.

Чемпионлар лигаси ярим финал учрашувлари 26-27 апрель ва 3-4 май кунлари бўлиб ўтади. Финал 28 май куни Миландаги "Сан-Сиро" стадионида бўлиб ўтади.

Тошкент вақти билан соат 15:30дан бошлаб Европа лигаси яримфинали қуръа ташлаш маросими бошланади ва худди ЕЧЛдаги формат асосида ўтказилади.

14 апрель оқшомида ўтказилган чорак финалнинг жавоб учрашувларидан кейин Испаниянинг "Вильярреал" ва "Севилья" жамоалари ҳамда Англиянинг "Ливерпуль" ва Украинанинг "Шахтёр" жамоалари яримфиналга чиқишди.

Европа Лигасининг ярим финал ўйинлари 28 апрель ҳамда 5 май кунлари ўтказилади. Евролига финалига 18 май куни Швейцариянинг Базель шаҳридаги "Санкт-Якоб Парк" стадиони мезбонлик қилади.