Эрон нефть вазири Бижан Намдар Зангане Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 17 апрель куни ўтказиладиган ОПЕК музокараларида иштирок этмоқчи эмас. Бу ҳақда Trend хабар тарқатган.

Эрон нефть вазирлиги сайтида айтилишича, вазирнинг бу сафардан воз кечиш бўйича қарори музокаралардаги позициялар олдиндан маълумлиги билан боғлиқ.

"Вазир шу вақтгача ОПЕКнинг турли вакиллари ҳамда нефть қазиб олиш билан шуғулланувчи кўплаб бошқа давлатлар билан икки томонлама ва кўптомонлама учрашувларида Эроннинг позицияси ҳақида билдирган. Эрон нефть қазиб олишни музлатиб қўйиш ғоясига қўшилмайди", дейилган матбуот хизмати хабарида.

Занганенинг ўрнига Қатарга Эроннинг ОПЕКдаги вакили Ҳоссейн Каземпур Ардебили бориши айтилган.

17 апрель куни Доҳада нефтнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилари иштирокида учрашув бўлиб ўтади. Унда нефть нархини барқарор ушлаб туриш мавзуси муҳокама қилинади.