General Motors концерни миллиондан кўпроқ Chevrolet Silverado ва GMC Sierra 1500 пикапларини қайтариб олади. Улардан 895,2 мингтаси АҚШга, қолганлари Мексика, Канада, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқнинг баъзи давлатларига таъмирлашга жўнатилади. Бу автомобилларнинг барчаси, дилерлар омборида бўлган 3 мингтасидан ташқари, сотиб бўлинган.

Қайтариб олинаётган автомобилларда хавфсизлик камари маҳкамлагичида нуқсон аниқланган, у сервис марказида бепул алмаштирилади. Бундан ташқари, хавфсизлик камари тортгичлари ҳам текширилади. Улар ҳам зарурат бўлса, алмаштирилади. Компанияда бу нуқсон бирорта йўл-транспорт ҳодисаси ёки жароҳатларга сабаб бўлмагани маълум қилинди.

Компания шундай муаммо сабабли аввал ҳам автомобилларни чақиртирганди. 2015 йилда 2011-2012 модель йилларидаги Chevrolet Malibu, 2014 йилда 1,3 млн дона Buick Enclave, Chevrolet Traverse ва GMC Acadia кроссоверлари учун сервис акцияси бошланиши эълон қилинганди.