Бутунжаҳон ёввойи табиатни ҳимоя қилиш жамғармасининг (WWF) маълумотига кўра, ўн йил аввал йўқ бўлиб кетган Камбожа йўлбарсларининг қайта тикланишида Ҳиндистон ёрдам кўрсатади. Бу ҳақида жума куни Ҳиндистон атроф-муҳит вазири Пракаш Жавадекар хабар берди.

“Ҳиндистон йўқолиб кетган йўлбарсларни тиклашни мақсад қилиб қўйган мамлакатларга ёрдам беришга тайёр. Биринчи навбатда бизга мурожаат этган Камбожага бир неча йиртқичларни юборамиз”, - деди Пракаш Жавадекар.

Вазирнинг сўзларига кўра, “Ҳиндистон 2020 йилга бориб дунёда йўлбарслар сонини ҳозирги 3890тадан икки баробарга оширишни режалаштирмоқда”.

Ҳиндистон пойтахтида 12 апрелдан 14 апрелгача бўлиб ўтган йўлбарсларни сақлаб қолиш бўйича Осиё мамлакатлар вазирлари анжуманида йўлбарслар сақланиб қолган мамлакатлар уларнинг сонини кўпайтириш бўйича қарор қабул қилишди.

Уч кунлик анжуманда 13 мамлакатдан 700дан ортиқ мутахассислар қатнашишди: Бангладеш, Бутан, Вьетнам, Ҳиндистон, Индонезия, Камбожа, Хитой, Лаос, Малайзия, Мьянма, Непал, Россия ва Таиланд.

Фақат Россия ва Ҳиндистон нафақат йўлбарслар сонининг сақлаб қолиниши, балки уларнинг сонини оширишга ҳам эриша олди. Аммо бир вақтнинг ўзида бошқа мамлакатлардаги йўлбарсларнинг сони камаймоқда, Камбожада эса улар бутунлай йўқ бўлиб кетган.

2007 йилдан буён Камбожада йўлбарслар бутунлай йўқ бўлиб кетган, деб эълон қилинган. Камбожа ҳукумати уларнинг қайта тикланиши учун 50 миллион доллар маблағ ажратган. Шунингдек, камбожаликлар Ҳиндистондан катта ёшдаги икки жуфт йўлбарсни беришларини сўрашган.