Ким Чен Ин миллий байрам, КХДР асосчиси Ким Ир Сен туғилган кунининг 104 йиллиги муносабати билан Кимсусан қасрига борди. Шимолий Корея давлат раҳбари халқ армияси қўмондонлик таркиби ҳамроҳлигида саройга ташриф буюрган.

Унинг номидан саройдаги икки генералиссимус - Ким Ир Сен ва Ким Чен Ир ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйилган. Парламент депутатлари эса, барча корейслар ушбу ёдгорлик мажмуасини, миллат шон-шарафи ва ғурури тимсоли, муқаддас зиёратгоҳ сифатида келиб кўришлари лозим деган қарорни қабул қилишди.

"Шу муносабат билан КХДР пойтахти Пхеньянда тантанали йиғилиш бўлиб ўтди", деб хабар қилмоқда КМТА (Корея марказий телеграф агентлиги).

Унда, ватан ҳамда Корея халқ армияси олдидаги юксак хизматлари учун уч нафар юқори лавозимли ҳарбийларга вице-маршал ва маршал унвонлари тақдим этилган. Бутун мамлакат бўйлаб "Ким Ир Сендек яшаб, курашамиз" шиори остида оммавий сайллар бўлиб ўтмоқда.

КХДР конституциясига кўра, Ким Ир Сен халқ республикасининг "абадий президент"и ҳисобланади. У 1994 йилда вафот этганидан сўнг, уч йиллик мотам эълон қилинган эди. Пхеньян стадиони, бош майдони ва университети Ким Ир Сен шарафига номланган.