Кремль Германияда нашр этиладиган Süddeutsche Zeitung нашридан кечирим сўради.

Владимир Путин 14 апрель куни ўтказган "бевосита мулоқот"и вақтида мазкур газета Американинг Goldman Sachs банки медиахолдингига киришини айтган эди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков президент хатосини ўзининг шахсий хатоси деб атади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Süddeutsche Zeitung газетасидан кечирим сўрагани ҳақида ТАСС ахборот агентлиги хабар қилмоқда.

«Бу ҳар ҳолда, бизнинг, аниқроғи менинг ва шу масала бўйича маълумотларни тайёрлаганларнинг хатосидир, — деган Песков. — Унда ҳақиқатдан ҳам текширилмаган маълумотлар бўлган, мен эса, уни қайта текширмасдан президентга тақдим этганман».

14 апрель куни президент Путин, «Панама ҳужжатлари» билан боғлиқ машмашаларга изоҳ бера туриб, "Мақола биринчи бўлиб қаерда пайдо бўлганини матбуот котибидан (Песков) сўраганида - Süddeutsche Zeitung деб жавоб бергани"ни айтар экан, газета «Американинг Goldman Sachs корпорацияси қошидаги медиахолдинг таркибига киришини таъкидлаган, шунга кўра, буюртмачи кимлигини тахмин қилиш мумкинлиги»ни билдирган эди.

Президент билан «бевосита мулоқот» якунлангач, Süddeutsche Zeitung ижрочи директори Cтефан Хильшер нашрнинг бевосита ёки билвосита Goldman Sachs корпорациясига тегишли эканини рад этган эди. У нашриёт Süddeutscher Verlag гуруҳининг 100 фоизлик шўъба корхонаси эканини маълум қилганди. Ўз навбатида, гуруҳнинг 81,25 фоиз акцияси Südwestdeutschen Medienholding (SWMH) холдингига, 18,75 фоизи эса, газета асосчилари Фридманнлар оиласига тегишлидир.

SWMH медиа холдингининг 95 фоиз акцияларига эса, Medien-Union GmbH ва Gruppe Württembergischer Verleger компаниялари эгалик қилади. Forbes журналининг маълумотларига кўра, Medien-Union GmbH гуруҳининг 50,7 фоиз акцияси 78 ёшли немис тадбиркори Дитер Шаубга тегишли ҳисобланади. Қолган қисми эса, унинг отаси Жозеф Шауб билан бирга компанияга асос солган оилаларга тегишли.

SWMH корпорациясининг беш фоизига эгалик қилувчи Gruppe Württembergischer Verleger ўз навбатида 18та минтақавий нашрларни ўз ичига олади. Гуруҳга, жисмоний ва юридик шахслардан иборат 40 нафарга яқин акционер хўжайинлик қилади.