Пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейида давлат органлари расмий веб-сайтларини ва электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга бағишланган семинар ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, давлат органлари веб-сайтлари ва ахборот хизматлари ходимлари иштирок этди.

Бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 114 та веб-сайти мавжуд бўлиб, уларнинг 90 таси фойдаланишда қулайлик яратиш ва замонавий технологик талабларни инобатга олган ҳолда ўзларининг мобиль шаклларини жорий этган.

Давлат органларининг расмий веб-сайтлари орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматларининг сони айни пайтда 1244 тага етган. Семинарда электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, ортиқча маъмуриятчиликни бартараф этиш, давлат органлари билан келишиш жараёни ва аризачи томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириш, идоралараро электрон шаклдаги ўзаро ҳамкорликни оптималлаштириш масалалари тўғрисида фикрлашилди.