Нодир неча йиллардан бери бир қизни яхши кўрарди. Аммо унга етишолмади. Севган қизи унаштирилгач, ҳаловати йўқолди. Қандай қилиб бўлмасин тўйни тўхтатишга “бел боғлади”. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар бермоқда.

Эртага тўй деган куни у куёвни ўғирлаб кетишга қарор қилди. Бироқ ўз режасини бир ўзи амалга оширишга кўзи етмади. Ўйлаб кўриб акасининг ўғли Ҳабибулла ва холаваччаси Аббосга режасини айтди. Режа бўйича куёв боланинг уйи яқинидаги бурилишда Аббос ва Ҳабибулла Нодирни пойлаб турадиган бўлишди. Куёвтўра Бекмурод кўчага чиқди. Уни кутиб ўтирган Нодир тўй билан табриклаш баҳонасида куёвни машинасига ўтқазади ва уни кўча бурилишида пойлаб турган шериклари ёнида тўхтатди. Зудлик билан ўзларини ичкарига урган икковлон Бекмуроднинг икки ёнидан ўтириб, унинг қўлларини маҳкам ушлашди.

Бекмурод қанча қаршилик қилмасин, йигитларга кучи етмади. Нодир унга машинасидан пичоқни олиб дағ-даға қилди. Пичоқни кўриб, Бекмуроднинг ҳуши учди, қаршилик ҳам қилмади.

Куёв ҳадеб келавермагач, унинг ота-онаси тезда туман ИИБга бориб, воқеа юзасидан мурожаат қилишди. Тезкор ходимлар зудлик билан ишга киришди. Сўраб-суриштириш бошланди. Куёв ўғриларининг кимлиги, айни дамда қаерда эканлиги маълум бўлди.

Нодирнинг куёвни ўғирлаб тўйни тўхтатиш режаси амалга ошмади. Улар шаҳардан тўғри туман ИИБга келишга мажбур бўлди.

Суд ҳукми билан Нодир Абдуҳамидовга 3 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Ҳабибулла Абдуҳамидов ва Аббос Ибрагимов эса 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.