ТИВда Россия президентининг ШҲТ ишлари бўйича махсус вакили билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон 15 Апрель 2016 700

2016 йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Россия Федерацияси президентининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ишлари бўйича махсус вакили Бахтиёр Хакимов билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида ШҲТ доирасидаги Ўзбекистон-Россия муносабатлари ва Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги даврида бўлиб ўтадиган тадбирлар кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда ШҲТнинг кўп томонлама институтлари тизимида алоҳида ўрин тутадиган, 14-апрель куни ўз ишини якунлаган Хавфсизлик кенгашлари котиблари 11-учрашувининг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Россия ШҲТда кўп тармоқли ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан, июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишини муваффақиятли ўтказиш ва мазмунан бойитишдан, Россиянинг мазкур ташкилотга раислиги даврида Уфа шаҳрида ўтказилган олий даражадаги Саммитда эришилган келишувларни, жумладан Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга қабул қилиш жараёнларини бошлаш тўғрисидаги қарорни амалга оширишдан бирдек манфаатдор ҳисобланади.

Музокараларда Россия Элчиси Владимир Тюрденев иштирок этди.

Кўпроқ янгиликлар