Хакерлар Россия президенти Владимир Путиннинг 14 апрелда ўтказган «бевосита мулоқот»ини бузишга уринишган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги президент матбуот котиби Дмитрий Песковга таянган ҳолда хабар қилди.

«Хакерлар видеоқўнғироқ қилиш учун ишлаб чиқилган иловани бузишга роса уринишди, аммо у ҳужумларга бардош бера олди. Бундан ташқари, «бевосита мулоқот» давом этаётган вақтда, сайт дастурига ҳужум уюштирилди, ҳатто бир муддат ишдан чиқаришга муваффақ бўлишди ҳам. Аммо, дастур иши қисқа вақтда қайта тикланди», — деган Песков.

Бундан аввалроқ, «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари Путинга 95 875та савол йўллашгани маълум бўлганди.

Умуман, мулоқот ўтган йилгидан 16 дақиқага кам, яъни 3 соату 40 дақиқа давом этган. Путин унга келган 3 миллиондан ортиқ саволдан 80тасига жавоб берган.