Айни вақтга келиб Япониянинг Кюсю оролидаги зилзила оқибатида 9 одам ҳалок бўлгани ва камида 780 киши жабрлангани маълум бўлди. Бу ҳақда табиий офатлар билан курашиш маҳаллий хизмати вакилига иқтибос келтирган ҳолда AFP хабар бермоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 14 апрелда Япониянинг жануби-ғарбий қисмида 6,4 магнитудали зилзила юз берди. Бу зилзила ушбу ҳудудда тарихдаги ва 2011 йил 11 мартдаги зилзиладан кейин мамлакатдаги энг кучли зилзила бўлди.

Кумамото префектурасидаги Машики посёлкаси энг кўп талофат кўрди. Бу ерда 23 мингга яқин одам эвакуация қилинган. Улар мактаб ва жамоат муассасаларида жойлаштирилганлар. Уйлар вайрон бўлган, ёнғинлар чиққан. Оролнинг ўн минглаб одамлари ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлдилар.

Ҳукумат табиий офат ҳудудига ёрдамга 400 га яқин ҳарбийни жўнатди.

Японияда 2011 йил 11 мартда юз берган кучли зилзила ва унинг ортидан вужудга келган цунами оқибатида 15,9 мингга яқин одам ҳалок бўлганди, 2,7 минг одам ҳанузгача бедарак йўқолган ҳисобланади. Ўша зилзила оқибатида 400 га яқин иншоот вайрон бўлган, бир неча аҳоли пунктлари ва шаҳар мавзелари бутунлай йўқ бўлиб кетган. Зилзила оқибатида "Фукусима-1" АЭСида авария юз берган.