Япониянинг Кумамото шаҳридаги зилзиладан 6 соат кейин вайроналар остидан эмизикли бола қутқариб олинди. Бу ҳақда Nippon Television Network телеканалига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Қутқарувчиларга вайрон бўлган уйлардан бирининг остида 8 ойлик бола қолиб кетгани ҳақида маълумот келиб тушган. Болакайнинг йиғи овозини эшитишга муваффақ бўлингандан кейин, ўша йўналиш бўйича тозалаш ишлари олиб борилган.

Болакайга тезроқ етиб бориш учун қурилиш техникаси чақиртирилган. Болакайнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўт ўчириш хизматининг 50 қутқарувчиси кураш олиб борди. Болакай вайроналар тагидан олинганда кўпчиликнинг ҳайратига унда биронта шикаст йўқлиги аниқланди.

Кюсю оролидаги зилзила оқибатида 9 киши ҳалок бўлди, 761 киши шифохоналарга етказилди. Зилзила ўчоғи Кумамото шаҳри остида 11 км чуқурликда бўлган. Зилзила оқибатида шаҳардаги бир қисм иншоотлар вайрон бўлган, 38 минг уй газ таъминотисиз қолиб кетган.