Яманда юзага келган қарама-қаршилик оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6,4 минг кишига етди, жабрланганлар сони эса 30,5 минг кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда БМТ ташкилоти вакили Кюнг-ва Канг маълум қилган.

"6400 нафардан зиёд киши ҳалок бўлди ва 30 500 нафар киши жароҳат олди. Ўз яшаш манзилини ўзгартирган одамлар сони кескин ошиб кетди. 2,8 млн.га яқин киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди", — деди у. Кюнг-ва Кангнинг сўзларига кўра, 14,1 млн.га яқин киши тиббий ёрдамга муҳтож. Аммо мамлакатдаги шифохоналарнинг аксарияти ёки вайрон этилган ёки ўз ишини тўхтатган.


Бош котиб ёрдамчисининг сўзларига кўра, гуманитар ташкилотлар яманликларга ёрдам беришга ожизлик қилмоқда. 2016 йилда БМТ томонидан тасдиқлаган 1,8 млрд доллар миқдоридаги ёрдам пулидан 296 млн доллари мамлакатга ажратилган.