Деярли икки ҳафтадирки, интернетдаги Facebook, Twitter, Instagram каби ижтимоий тармоқларда ҳақиқий “бум” кузатилмоқда. Уларда жонажон Ўзбекистондаги кенг кўламли тадбир — “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” фестивалининг лаҳзалари ёритилмоқда.

Анъанавий бу тадбирни ёшларгина эмас, уларнинг ота-оналари ҳам соғиниб кутишган экан. Кўҳна ва навқирон Самарқандимиздан бошланган байрамларнинг турли-туманлигини ва ёшлар у лойиҳаларда жону дили билан иштирок этишганини кўрган ҳеч киши бефарқ қолмайди. Бу тадбирлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётган бўлса-да, Интернетдаги “бум”нинг ўзига хос бир томони бор: ижтимоий тармоқлардаги суратлар, мақолалар ва хабарларнинг муаллифлари ёшларнинг ўзидир!

Эзгу ниятнинг натижаси шу мисолда ҳам яққол кўриниб турибди: бу тармоқлардаги ҳар турли бўлар-бўлмас хабарлардан хавотирланган бўлсак, улар энди эзгу ва ажойиб байрам жараёнларидан хабардор бўлиш учун хизмат қилмоқда.

Facebook да ҳозир “Камолот”нинг марказий ва ҳудудий саҳифаларида, фестивалга бағишланган хаштегларда эълон қилинган хабар ва лавҳалар бу улкан жараёндан четда қолишни истамаган, ўз завқ ва таасуротларини ўртоқлашишни истаган минглаб ёшлар томонидан ўз дарҳол саҳифаларида эълон қилинмоқда. “Лайк”ларга қарасангиз, “Биз буюк юрт фарзандаримиз” фаоллар гуруҳидан ташқари, “Ватанимга дил изҳори”, “Ёшлар фестивали-2016” ҳамда фестиваль бўлиб ўтаётган ҳудудларнинг номлари акс этган хаштеглар минглаб кишиларни қамраб олаётганини кўрасиз. Барча туманларда бўлиб фестиваль рамзлари янада ажойиб ва ўзига хос. Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллиги олдидан ўтказилаётган бу улкан байрам тимсоллари ёшларнинг тасаввур ҳамда тимсол қувватини ҳам ўзида жо айлаган. Ҳукумат вакиллари, санъат усталари, ижодкорлар ва эл-юрт ҳурматига сазовор юзлаб ватандошларимиз бугун Бухоро ёшлари билан самимий мулоқот қилишмоқда.

Бухоро давлат университети, Бухоро тиббиёт институти, БМТИ қошидаги 1-академик лицей фаоллари жараёнларни ёритишда олдинда бормоқдалар. Бошқа умумтаълим мактаблари, коллежлар ва ҳудудий “Камолот” марказлари ҳам хаштегларда фестиваль жараёнларини мунтазам ёритишмоқда. Мисол учун, “Вобкент иқтисодиёт коллежи” икки кундан бери тезкор фотолавҳаларни тармоқларга жойлаб келмоқда. Бухоро шаҳар 2-
умумтаълим мактаби, Тошкент давлат стоматология институтининг Бухоро филиали, Жондор ва Когон касб ҳунар коллежи фаоллари ҳам олдинда боришмоқда.

“Бизни кузатишда давом этинг! Энг қизғин ва кутилмаган лойиҳалар ҳали олдинда” деб хитоб қилади Бухоро фаолларидан Истам Обидов ва Азамат Каттаев.

Айни вақтнинг ўзида фестивални қабул қилиб олишга чоғланаётган Қорақалпоғстондан ҳам хабарлар пайдо бўла бошлади. “Ёшлар фестивали шукуҳи Қорақалпоғистон осмони узра кезмоқда” деб номлайди ўз лавҳалар туркумини Нукусдан Азамат Ажимуратов. Зарнигор Нуриддинова ва Мурод Масалиевлар эса Жондордаги жараёнларни видео ва фотосуратлар орқали ёритишмоқда, Жалол Масуров Қоракўлдан, Дониёр Содиқов Ромитандан, Мурод Саидов Ғиждувондан ўзига хос репортажлар эълон қилишмоқда. Хабар ва лавҳаларнинг асосий қисми ижтимоий тармоқдлардан ташқари, www.kamolot.uz ҳамда www.buhoroyoshlaru.uz саҳифаларида ҳам кенг ўрин олган.

Эстафетани Қорақалпоғистондан сўнг қабул қилиб оладиган Наманган вилояти ёшлари ҳам тармоқларда ўзларининг завқларини ифода этишмоқда.

Бухородаги байрамлар бугун ҳам давом этмоқда. Тезкор хабарлар ва лавҳаларни кузатиб бориш ва ёшлар руҳиятидан, байрам завқларидан хабардор бўлиш учун юқорида тилга олинган саҳифаларга кирилса кифоя. “Олға, Бухоро ёшлари!” деган шиор ортидан “Олға, Қорақалпоғистон ёшлари” деган чорловлар турли кўринишларда янграмоқда.

Буларнинг бари бирлашиб, “Олға Ўзбекистон” деган қудратли шоирга айланмоқда. Бу жўшқинликларнинг, завқ ва таассуротларнинг сабаби битта: юртимизда ҳукм сураётган бунёдкорлик,жараёнлари, ёшларга улкан эътибор ҳамда келажакка бўлган юксак ишончдир. Зотан, барча бирдай тўлқинланиб куйлаган фестиваль мадҳиясида айтилганидек:

Сен буюк юрт фарзандисан!

Мен буюк юрт фарзандиман!

Биз буюк юрт фарзандларимиз!