Apple компаниясининг расмий сайтидаги атроф-муҳит ҳимояси ва маҳсулот экотизимига бағишланган бўлимда фойдаланувчилар жуда ҳам қизиқ маълумотни топишди. Компания тадқиқотига асосан iPhone, iPad ва Apple Watch эгаси мазкур қурилмаларни ўрта ҳисобда уч йил ишлатиш имкониятига эга ва шундан кейин янгиларини сотиб олиш зарурияти туғилиши мумкин. 

OS X (ҳар бир Mac ичида мавжуд бўлган операцион тизим)даги компьютерлар ва tvOSдаги телеприставка эса деярли тўрт йил давомида “ҳаёт кечиради”.

“Фойдаланиладиган кундалик моделлар барча маҳсулот учун специфик ҳусусиятга эга бўлиб, реал ва моделлаштирилган маълумотларни ўзида мужассамлаштирган. OS X ва tvOS учун фойдаланиш муддати тўрт йилни ташкил этади ва iOS ҳамда watchOS-қурилмалари учун эса уч йилдан иборат”, - дея қайд этилган Apple сайтида.

Бироқ компания айнан қандай маълумотларга асосланиб, Apple Watch ва янги Apple TV эгалари бу қурилмалардан уч-тўрт йил давомида фойдаланишлари мумкин, деган қарор қабул қилгани тушунарсиз. Эслатиб ўтамиз, “олма” соатлар бир йил аввал сотувга чиқарилган, tvOS тизимидаги Apple TV тўртинчи авлоди эса ўтган йилнинг сентябрь ойида тақдим этилган.