15 апрелда Япониянинг Кюсю оролида кучлироқ, янги 2-зилзила юз бергани ҳақидаги хабардан кейин мамлакат бош вазири Синдзо Абэ жабрланган ҳудудларга 16 апрелдаги сафарини бекор қилди, деб хабар бермоқда Kyodo агентлиги. 15 апрелда Абэ фожиа ҳудудига ташриф буюриши, у ерда маҳаллий аҳоли ва раҳбарият билан учрашишини эълон қилганди.

Аввалроқ 14 ва 15 апрелдаги зилзилалар қурбонлари сони 12 кишига етгани, жабрланганлар сони мингдан ошиб кетгани маълум қилинганди.

1-зилзила 14 апрелда юз берди, унинг кучи 6,4 магнитудани ташкил қилган. Зилзила маркази Кумамото шаҳри яқинида, ўчоғи эса 10 км ер остида бўлган. Бу зилзилада 9 киши ҳалок бўлганди, камида 780 киши жабрланган.

Эртасига, 15 апрелда шу ҳудудда 7,3 магнитудали кучлироқ 2-зилзила юз берди. Бу зилзила оқибатида 3 киши ҳалок бўлган. Фожиа ҳудудидан деярли 45 минг киши эвакуация қилинган. Япон расмийлари оролда яна бир ҳафта давомида зилзилалар давом этиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.