Россия ТИВ расмий вакиласи Мария Захарова Россия ва Япония муносабатларидаги мураккабликларга изоҳ бериб, уларни АҚШ томонидан Токиога кўрсатилаётган босим натижаси дея баҳолади. У, RT телеканалига берган интервьюсида шу ҳақда фикр юритган.

«Жиддий тавсия бўлгани аниқ. Шу сабабли, бизнинг алоқаларимиз йўналиши иккитомонга ўзгариб кетди», — деб баёнот берган Захарова. АҚШ президенти Барак Обама, Япония бош вазири Синдзо Абэдан Россияга ташрифини ортга суриб туришни сўраганига оид хабарларни Россия ТИВ вакиласи шундай изоҳлаган.

Захарованинг сўзларига кўра, ўша пайтда Япония ҳукуматига жиддий оҳангда Россияга бормаслик тавсия қилинган бўлса, «яқинда Вашингтон расмий вакили, Москва билан бир маротаба мулоқотда бўлиш унчалик ҳам қўрқинчли эмас»лигини билдирган.

Захарованинг ёдга олишича, Япония айни вақтда БМТ Хавфсизлик кенгашининг аъзоси бўлсада, доимий аъзоси бўлиш истагида.

«Савол туғилади: икки томонлама ташрифларга оид келишувларни мустақил ҳал қила олмаган давлат қандай қилиб Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлиши мумкин?», — деб хулоса қилган Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакиласи.

ТАСС агентлиги маълумотларига кўра, РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Япония бош вазири Синдзо Абэ яқин орада Россияга ташриф буюриши ҳақида 12 апрель куни маълум қилган. Бундан анча аввал, 24 февралда, The Japan Times газетаси, 9 февраль куни Обама телефон орқали мулоқотида Абэдан Москвага бормай туришни сўрагани ҳақида ёзган эди.

Путин ва Абэ сўнгги маротаба, 2015 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида учрашган эди. Мулоқот натижаларига кўра, сиёсатчилар, икки давлат ўртасида тинчлик сулҳини имзолаш бўйича музокараларни қайта бошлаш ниятини билдиришганди.

Москва ва Токио 1956 йили урушни тўхтатиш декларациясини имзолаган, аммо у тинчлик сулҳи имзолангандан кейин кучга кириши белгилаб қўйилган.

Тинчлик меморандуми имзоланишига Курил ороллари бўйича ҳанузгача ҳал этилмаган тортишув тўсқинлик қилмоқда. Япония Курил архипелагининг 4 та оролига 1855 йилда икки давлат ўртасида имзоланган келишув асосида даъвогарлик қилмоқда. Россия эса, бу ҳудудлар иккинчи жаҳон уруши натижасига кўра, СССР таркибига кирганини таъкидлаб келади.