АҚШ Россияни Башар Асад армиясининг Ҳалабга ҳужумини тўхтатишда ёрдам беришга чақирди ҳамда Сурия ҳукумат кучлари ҳаракатлари 7 ҳафтадан бери давом этаётган ярашувга чек қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.

Манба маълумотларига кўра, АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти аввалроқ ўт очишни тўхтатишга рози бўлган гуруҳларга ҳужум қилмасликка ваъда берган Россияга жиддий хавотир билдирди. Манбанинг айтишича, Москва Асад қўшинларини ҳам бундай ҳаракатлардан тўхтатиш учун ўз таъсирини қўллашга рози бўлди.

Агентликнинг эслатишича, 15 апрелда Женевада Сурия мухолиф гуруҳлари етакчилари Асад қўшинларининг Ҳалабдан жанубга катта кўламда ҳужумни бошлаганини маълум қилдилар. Уларнинг фикрича, Сурия қўшинларининг ҳаракатлари ўт очишни тўхтатиш сулҳини бузади. Гуруҳлар етакчилари уч томондан – Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган Асад кучлари, курд жангарилари ва ИШИД жангарилари ҳужумларига учрааётганларини таъкидлаб ўтдилар.

Россия мудофаа вазирлиги ўтган ҳафтада Ҳалабга ҳужум қилинаётгани режалаштирилмаётганини айтди. Шу билан бирга Россия Бош штаби бош тезкор бошқармаси бошлиғи Сергей Рудской "Ҳалаб билан Дамашқни боғловчи йўлни кесиш мақсадида катта кўламдаги ҳужум режалаштирилаётгани маълум эканлигини" айтган.

Рудскойнинг айтишича, Ҳалаб жануби ва шимолида "Жибҳад ан-Нусра" жангарилари фаол жанговар ҳаракатлар олиб бормоқда ва улар бир қисм аҳоли пунктларини босиб олишга муваффақ бўлган. "Шунинг учун Сурия қўшинлари ва Россия авиацияси ҳаракатлари "Жибҳад ан-Нусра" жиноий тўдаларининг режаларини барбод қилишга қаратилган. Бунда Ҳалабнинг штурм қилиниши режалаштирилмаган", деб айтди Рудской.

Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Ҳалабда "Жибҳад ан-Нусра"нинг 10 мингга яқин жангариси тўпланган.