17 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 15:00да (Тошкент вақти билан соат 17:00) Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ОПЕК (нефтни экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти) мамлакатлари ва ташкилотга кирмайдиган ишлаб чиқарувчилар ўртасида учрашув бошланди. Бу ҳақда Россия энергетика вазирлиги твиттерида хабар берилган.

"Доҳада нефть қазиб олувчи мамлакатлар вазирлари иштирокида йиғилиш бошланди", дейилган хабарда.

Дастлаб музокаралар маҳаллий вақт билан соат 08:45да бошланиши керак эди. Аммо кейинроқ, учрашувнинг бошланиш муддати Саудия Арабистони сўрови билан кечиктирилгани ҳақида маълум қилинди. Кун ярмида иштирокчилар Қатар амири билан учрашишди. Шундан сўнг, учрашув белгиланган вақтда 6,5 соат кеч бошланди.

Бу учрашув ўтказилаётган залдан олинган сурат намойиш қилинган. Унда барча вакиллар ўз жойларини эгаллашганини кўриш мумкин.

Учрашувда нефть нархини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинади.

Доҳадаги битим лойиҳаси нефть қазиб чиқариш даражасини октябргача музлатиб қўйишни таклиф қилиши кутилмоқда.

Россия, Саудия Арабистони, Қатар ва Венесуэла томонлари 16 февраль куни Доҳада ўтказилган учрашув вақтида дунё бозорида нефть ишлаб чиқариш ҳажмини октябрь ойигача 2016 йил январдаги даражада сақлаб туриш бўйича битим тузишга келишишганди. Кейинроқ, ОПЕК (нефтни экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти) мамлакатлари ва ташкилотга кирмайдиган ишлаб чиқарувчилар ўртасида 17 апрель куни Доҳа шаҳрида учрашув ўтказилиши белгилаб олинганди.