Эквадор ҳукумати 10 минг нафар аскарни ҳамда 3 минг нафар полициячини турли туманларда зилзила оқибатларига қарши кураш ишлари учун сафарбар этди. Бу ҳақда маҳаллий ҳукуматдаги манбасига асосланган ҳолда Ассошейтед Пресс хабар тарқатган.

Айни вақтда эвакуация қилинган кишилар 2та лагерга жойлаштирилган. Эквадордаги Қизил Хоч жамияти маълумотларига кўра, зилзиладан талофат кўрган ҳудудларда 1,2 минг кўнгилли иш олиб бормоқда. Ҳукумат зарур жойларга 500 нафар ўт ўчирувчи йўллаган.

Зилзила 17 апрелга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат 23:58да (Тошкент вақти билан 17 апрель, соат 04:58да) содир бўлди. 7,8 магнитудали зилзила эпицентри Муисне шаҳридан 27 км жануби-шарқда юз берди. Унинг ўчоғи эса 20,2 км чуқурликда жойлашди.

Тинч океани цунами ҳақида огоҳлантириш маркази зилзила эпицентридан 300 километргача масофада хавфли тўлқинлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Эквадорнинг олтита провинциясида кучли зилзила туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Охирги маълумотларга кўра, 80 кишининг ўлими тасдиқланган, 600га яқин киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.