Эквадорда 17 апрелга ўтар кечаси 1979 йилдан буён энг кучли зилзила рўй бериши оқибатида 77 киши ҳалок бўлгани ва 600га яқин киши жабрлангани тасдиқланди. Бу ҳақда Эквадор президенти маъмуриятининг твиттерида хабар қилинган.

"Айни вақтда қурбонлар сони 77 нафарни ташкил қилмоқда, 588 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага олиб келинган", дейилади хабарда.

Бундан олдинроқ, қурбонлар сони 41 нафар бўлгани айтилганди.

Зилзила 17 апрелга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат 23:58да (Тошкент вақти билан 17 апрель, соат 04:58да) содир бўлди. 7,8 магнитудали зилзила эпицентри Муисне шаҳридан 27 км жануби-шарқда юз берди. Унинг ўчоғи эса 20,2 км чуқурликда жойлашди.

Тинч океани цунами ҳақида огоҳлантириш маркази зилзила эпицентридан 300 километргача масофада хавфли тўлқинлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Эквадорнинг олтита провинциясида кучли зилзила туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Миллий гвардия сафарбар этилган.