Франция президенти Франсуа Олланд Ливанга қочқинлар муаммосини ҳал қилиш учун 100 млн евро беришга ваъда берди. 

Олланд бу ҳақда Ливан пойтахти Байрутга ташрифи давомида маълум қилди.

Пуллар Ливанда жойлашган бир миллион суриялик қочқинларга ёрдам бериш учун 3 йил давомида ажратилади.

Олланд, шунингдек, Франция Ливанга ҳарбий қудратини оширишда ёрдам беришини эълон қилди.

Кутилишича, 17 апрелда Олланд Сурия билан чегарадаги Бека водийсидаги қочқинлар лагерига ташриф буюриб, Францияда жойлаштирилиши керак бўлган муҳожирлар оилалари билан учрашади.