Ўзбекистон миллий терма жамоаси Канада билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши расман маълум қилинди

Спорт 17 Апрель 2016 2479

Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг учинчи босқичига йўл олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу босқич ўйинларига тайёргарлик доирасида Канада билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмий сайти маълум қилди.

"Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳамда Канада Футбол Ассоциацияси шу йилнинг 7 июнь санасида Австрияда миллий терма жамоаларнинг ўзаро назорат учрашуви ўтказиш борасида келишувга эришди", дейилади хабарда.

Таъкидлаш керакки, ҳар икки терма жамоа Жаҳон Чемпионати-2018 йўлланмаси учун курашни давом эттирмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё қитъаси иккинчи саралаш босқичи “H” гуруҳи ғолиби сифатида саралашнинг финал босқичига йўл олган 12 терма жамоанинг бирига айланди. Учинчи босқич учун ташланган қуръа натижаларига кўра “А” гуруҳидан ўрин олган Самвел Бабаян шогирдлари Эрон, Жанубий Корея, Хитой, Қатар ҳамда Сурия билан мундиал йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Канада терма жамоаси эса Жаҳон чемпионати 2018 саралаши доирасида сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Ҳондурас ва Сальвадор терма жамоаларига қарши ўйинларга тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистон билан ўйинга қадар, 3 июнь куни Канада терма жамоаси Озарбайжон билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Бундан олдинроқ, FIFA.COM сайтида Ўзбекистон 7 июнда Канада билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши ҳақида хабар берилганди.

Кўпроқ янгиликлар