Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-март ойлари давомида жумладан 49,2 минтта янги иш ўрни яратиш ҳисобига 167,4 минг киши иш билан таъминланди. Бу ҳақда 16 апрелда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳайъат мажлисида маълум қилинди.

Энг кўп янги иш ўрни саноат соҳасида яратилди: 12,9 мингта, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида – 11 мингта, қурилиш соҳасида – 9700 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида – 6200 та, ижтимоий инфратузилма соҳасида — 5200 та, фаолият юритмаётган корхоналарни тиклаш ҳисобига 4200 та иш ўрни яратилди.

Энг кўп одам Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида иш билан таъминланди: мос равишда 19,9 минг ва 19,5 минг киши. Самарқанд вилоятида бу рақам 16,3 мингни, Тошкент вилоятида — 15,6 минг, Қашқадарё вилоятида — 15 минг, Андижон вилоятида — 14,5 минг ва Наманган вилоятида 12,8 мингни ташкил қилди.

Хусусий тадбиркорлик соҳасида 1-чоракда 32,7 минг киши, кичик корхона ва микрофирмаларда 29,5 киши иш билан таъминланди. Касаначилик асосида 25,8 минг киши, жумладан аёллар, имконияти чекланган одамлар ва хорижда ишлаб қайтганлар иш билан таъминланди. Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари орқали 31,5 минг нафар фуқаро вақтинчалик бир марталик ишларга жалб қилинди.

3 ой давомида Меҳнат вазирлиги бўлимлари томонидан бутун республика бўйича 312 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди, унда 16,2 мингта иш берувчилар вакиллари,
59,2 минг нафар иш қидираётган фуқаролар иштирок этишди. Бўш иш ўринлари ярмаркаларида 12,9 минг нафар шахс ишга йўлланма олди, 31,7 минг нафар шахсга хуқуқий маслаҳатлар берилди.

Итимоий муҳофазага муҳтож шахслар квоталари бўйича 15,4 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

Биринчи чоракда 7,8 минг нафар таълим муассасалари битирувчилари; 3,7 минг нафар ёлғиз ота, оналар ҳамда 14 ёшгача ва ногирон болаликлар; 589 нафар ёш болали ишламайдиган аёллар; 1,0 минг нафар қамоқдан озод этилганлар; 636 нафар муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар ишга жойлаштирилди.

Биринчи чоракда 1,8 минг нафар ишсиз фуқаро турли касблар бўйича ўқитилди, 252 киши ҳунармандчилик соҳасида иш малакаси олди.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Президентининг 22 февралдаги фармони билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги негизида яратилди. Йиғилишда меҳнат вазири Азиз Абдухакимов таъкидлаганидек, ўзгаришлар аҳолини иш билан таъминлаш масалалари билан самаралироқ шуғулланиш ва бу йўналишдаги ишни янги сифат даражасига кўтаришга имкон беради.