Саудия Арабистони томони ОПЕК (нефтни экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти) ташкилотига аъзо бўлган мамлакатларни Доҳадаги учрашув бошланиши арафасида яна бир марта нефть қазиб чиқариш даражасини октябргача музлатиб қўйиш бўйича битим лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги нефть соҳасидаги манбаларига асосланган ҳолда маълум қилган.

17 апрель куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ОПЕК мамлакатлари ва ташкилотга кирмайдиган ишлаб чиқарувчилар учрашади. Нефть нархини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинади.

Доҳадаги битим лойиҳаси нефть қазиб чиқариш даражасини октябргача музлатиб қўйишни таклиф қилиши кутилмоқда.

Айни вақтда бу учрашув бошланиши Ар-Риёд сўровига кўра кечиктирилган.

Манбаларнинг ёзишича, Доҳага келган вакиллар Қатар амири билан учрашувдан кейин йиғилиш бошлашади.

Бундан олдинроқ, Эрон нефть вазири Қатардаги музокараларга бормаслиги, учрашувда таклиф этиладиган битимга Эрон томони рози бўлмаслигини билдирганди.