17 апрель кунининг иккинчи ярмида Тинч океанида жойлашган Тонга ороллари қироллигида 5,8 магнитудали зилзила рўй берди.

АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, зилзила эпимаркази мамлакат пойтахти Нукуалофа шаҳридан 287 км жануби-шарқда жойлашган. Унинг ўчоғи 35 километр чуқурликда жойлашган.

Ҳозирча, бу зилзила талофатлари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Цунами хавфи эълон қилинмаган.

Тинч океанининг бу қисми сейсмик ҳаракатлар энг фаол бўлган ҳудуд ҳисобланади. Ороллар ҳудуди Тинч океани ва Австралия қитъаси литосфера плиталари тўқнашган жойга тўғри келган.

Тонга қироллиги таркибига 177та орол киради. Қиролликнинг аҳолиси 100 минг нафар атрофида.

2015 йилда сув остидан вулқон отилиши оқибатида ҳудудда Хунга-тонга ороли пайдо бўлган.