Япониядаги зилзилалардан кейин Фукуока шаҳри кўчаларида пайдо бўлган кўпик резервуардан оқиб кетган ёнғинни ўчириш воситаси эканлиги аниқланди. Бу ҳақда 17 апрелда Фукуока префектураси ўт ўчириш ҳисоботига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Таъкидланишича, ўйин автоматлари клуби ёнидаги ўт ўчириш аралашмаси солинган идишда дарз ҳосил бўлган ва ундан кўпик оқиб кетган.

Аввалроқ 16 апрелда Фукуока кўчалари оқ кўпик билан қоплангани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари кўпик ер ости қувури портлаши оқибатида сизиб чиққани тахминини билдиришган.

15 ва 16 апрелда Япония жануби-ғарбида бир қатор зилзилалар содир бўлди, улардан энг кучлисининг кучи 7,3 магнитудани ташкил қилди. Охирги маълумотларга кўра, зилзилалар оқибатида 41 киши ҳалок бўлган, 2 мингга яқин одам жароҳат олган. Охирги 3 кун ичида зилзила юз берган Кюсю оролида 388 та зилзила содир бўлгани қайд қилинган.