17 апрель куни Англия Премьер-лигасининг 34-турида «Арсенал» ўз майдони «Эмирейтес»да «Кристал Пэлас»ни қабул қилди.

«Канониролар» учрашувда биринчи бўлиб гол уришди, ҳисоб биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида Алексис Санчес томонидан очилди.

Лекин мезбонлар ғалабани сақлаб қола олишмади, 81-дақиқада Янник Болази ҳисобни тенглаштирди.

Лондон дербисида қўлга киритилган 1 очкодан кейин «Кристал Пэлас» эгаллаб турган 16-поғонасидан юқорига кўтарила олмади. Шунингдек, «Арсенал» ҳам «Манчестер Сити»дан 3-ўринни қайтариб ололмади. Ҳар икки клуб ҳисобида 60тадан очко жамғарилган, «Манчестер Ситида» тўплар нисбати яхшироқ.

Айни вақтда турнир пешқадами «Лестер»да 73 очко бор. Бу жамоа кейинги 4та турларда 3 очко олиши эвазига «Манчестер Сити» ҳамда «Арсенал»ни пойгадан чиқаради. Ҳали 34-тур учрашувини ўтказмаган «Тоттенҳэм»да 65 очко бор. Бу жамоа бугун, 18 апрель куни «Сток Сити»га қарши майдонга тушади.

Англия Премьер-лигаси, 34-тур, 17 апрель, якшанба
«Арсенал» — «Кристал Пэлас» 1:1
Гол: Алексис Санчес, 45+1 (1:0). Янник Болази, 81 (1:1).
«Арсенал»: Петр Чех, Эктор Бельерин, Начо Монреаль, Габриэль Паулиста, Лоран Косельни, Франсис Коклен, Муҳаммад Эл-Ненни (Тео Уолкотт, 84), Месут Ўзил, Алекс Айуоби (Аарон Ремси, 75), Дэнни Уэлбек (Оливье Жиру, 75), Алексис Санчес.
«Кристал Пелас»: – Хеннесси, Уорд, Дэнн, Дилэйни, Суаре, Кабай, Единак (Сако, 46), Панчон (Заа, 75), Болази, Ледли, Уикҳэм (Адебайор, 64).
Огоҳлантиришлар: Ледли, 57; Данн, 73.