АҚШ Ироққа махсус тайёргарликдан ўтган қўшимча 200 аскар ва бир нечта жанговар Apache русумли вертолётларини юборади. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер маълум қилди.

Пентагон раҳбари янги кучлар асосан Ироқ армиясини ИШИД билан курашда қўллаб-қувватлаш учун қўлланишини айтди.

The Independent нашри хабарига кўра, Картер бу ҳақда Ироққа режалаштирилмаган сафари давомида айтиб ўтган.

АҚШ делегациясидаги манбаларнинг айтишича, музокараларда гап ИШИД назоратида бўлган Мўсул шаҳрини озод қилиш бўйича операцияда Ироқ қуролли кучларига ёрдам бериш ҳақида боради.

"Мўсул учун жанг Ироқ кампаниясининг асосий мақсади ҳисобланади. Унинг озод этилиши Ироқдаги урушнинг тугашини англатади. Биз тажовузкорроқ бўлишимиз керак, буни Ироқ ҳам биздан сўрамоқда", деб айтган АҚШ мудофаа вазирлигининг юқори лавозимдаги вакили.

2015 йилнинг декабрида Ироқ қўшинлари жангарилардан Рамади шаҳрини озод этганди.